Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги “Қазигурт” чегара назорат-ўтказиш пунктида ўзбек томонга ўта олмаётган оғир юк машиналарининг турнақатор навбати пайдо бўлди.
Озодлик радиоси қозоқ хизматининг хабар беришича, камида бир ҳафтадан бери чегарадан белгиланганидан оз машина ўтказилаётгани оқибатида мана шундай навбат бзага келди.
“Чегарада турганимга уч кун бўлди. Бу ерда олти, ҳатто 10 кундан бери навбат кутиб турганлар бор экан. “Қоплонбек” пунктида ҳам мана шу аҳвол”, - деб айтган ҳайдовчилардан бири.
Ҳозирча “Қоплонбек” назорат-ўтказиш пунктидаги вазият ҳақида аниқ маълумот мавжуд эмас.
Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Давлат тушумлари департаменти расмийси Марат Кулекеев чегарадан юк машиналари озроқ ўтказилаётганини тасдиқлади. Унга кўра, бунга Ўзбекистон томонида йўл таъмирланаётгани сабаб бўлди.
Аввалроқ Қирғизистон-Қозоғистон чегарасида 19 мартдан бери оғир юк машиналарининг узундан узоқ навбати пайдо бўлгани, бунга қозоқ томони юкларни бир неча соатлаб текшираётгани сабаб бўлгани билдирилган эди. Айни пайтда қирғиз-қозоқ чегарасида 240та оғир юк ташувчи машина тўпланиб қолган.