"Ўзбекистон темир йўллари" ширкатининг маълум қилишича, Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида поезд изидан чиқиб кетган темир йўл участкаси тикланган.
6 апрель куни ёққан кучли ёғингарчилик оқибатида тунда темир йўл ётқизилган участка тупроғи чўкиб кетиб, юк поезди изидан чиқиб кетган эди.
Расмий хабарга кўра, ҳодисада ҳеч кимга шикаст етмаган ва чўкиб кетган темирйўл участкаси эса 6 апрель оқшомига қадар тикланган.
"Шикастланган темир йўлнинг устки қисмини тиклаш ва мустаҳкамлаш ишлари якунланди ва пўлат излар тўлиқ тикланди", деб хабар қилди "Ўзбекистон темир йўллари" ширкати матбуот хизмати.
6 апрель куни Қашқадарё, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларида кучли ёғингарчилик кузатилди. Айрим ҳудудларда кучли сел келди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Қашқадарё вилояти бўлими расмийсининг Озодликка маълум қилишича, табиий офат оқибатида ҳеч ким жабр кўрмаган.