Давлат солиқ қўмитаси Тошкент шаҳар Шайхантоҳур туман солиқ инспекцияси таркибидаги барча ходимлар ишдан бўшатилгани тўғрисида матбуотда тарқатилган хабарларни расман рад этди.
Қўмитанинг билдиришича, Шайхонтоҳур туман солиқ инспекцияси раҳбаригина ишдан бўшатилган, бошқа ходимларни эса ишдан бўшатиш тўғрисида буйруқ бўлмаган.
Айни пайтда қўмита солиқ органлари кадрлар таркибини қайта кўриб чиқишни бошлагани ва махсус комиссия, жумладан, Шайхонтоҳур туман солиқ инспекцияси ходимларининг касбий салоҳиятини белгиланган тартибга асосан ўрганаётганини маълум қилган.
6 апрель куни Озодликнинг Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасидаги манбалари 5 апрель куни Шайхонтоҳур тумани давлат солиқ инспекциясининг барча 133 нафар ходими ишдан бўшатилгани тўғрисида хабар берган эдилар.
Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати ўшанда ҳам Озодлик радиосига фақат туман солиқ инспекцияси раҳбари ишдан бўшатилганини, бошқа ходимларни ишдан бўшатиш тўғрисида ҳеч қандай буйруқ қабул қилинмаганини билдирган.
Президент Шавкат Мирзиёев 4 апрель куни 2019 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича ўтказган видеоселектор давомида Тошкентдаги 11 тумандан 7тасида солиқ инспекцияси раҳбарларини ишдан олган эди.
Президентнинг билдиришича, Тошкентнинг 11 та туманидан 7тасида солиқ режаси бажарилмаган. Давлат бюджети бундан 515 миллиард сўм зарар кўрди.
Шу муносабат билан Учтепа, Миробод, Бектемир, Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Шайхонтоҳур ва Сергели туманлари солиқ инспекциялари раҳбарлари ишдан олинди.