Москва суди театр режиссёри Кирилл Серебренников ҳамда унинг икки ҳамкасбини уй қамоғидан озод қилиш тўғрисида қарор чиқарди.
Кирилл Серебренников, продюсер Юрий Итин ҳамда Маданият вазирлигининг собиқ ходими София Апфелбаум пул маблағларини ўзлаштиришда айбланмоқда. Аммо Серебренников ва унинг шериклари бу айбловлар ортида сиёсий сабаблар борлигини айтиб, уларни рад этиб келади.
8 апрель куни Москва суди Серебренников, Итин Апфелбаумга суд иши ўз якунига етгунича, шаҳарни тарк этмаслигини буюрди.
Ушбу жиноий иш доирасида расмий айблов қўйилган тўртинчи шахс – Алексей Малобродскийга ҳам Москвадан чиқмаслик буйруғи берилган.
2017 йилнинг август ойида Серебренниковнинг қўлга олиниши халқаро ҳамжамият эътиборини ўзига тортди. Ҳуқуқ фаоллари Россия расмийларини президенти Владимир Путин ҳукуматини танқид қилган шахсларга тазйиқ ўтказишда айблаб келади.