"Ўзбеккино" миллий агентлиги сериаллар етишмаслиги муаммосини бадиий фильмларнинг телесериал вариантларини суратга олиш билан ҳал қилмоқда. Масалан, "Берлин – Оққўрғон" фильми 4 қисмли телесериал қилинмоқда.
Бу ҳақда агентлик директори Фурқат Зокиров Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида баёнот бергани тўғрисида ЎзА хабар қилди.
"Ёзувчилар нега сценарий ёзмаяпти, деган фикрларга кўп дуч келяпмиз. Яхши ёзувчи, яхши киносценарист дегани эмас. Чунки бирор асар ёзиш билан киносценарий ёзишнинг фарқи бор. Биз ёзувчиларни режиссёрлар билан ҳамкорликда ишлашга ундаяпмиз", деган Фурқат Зокиров.
Агентлик раҳбарининг айтишича, "Ўзбеккино" тасарруфида 6 та кинотеатр бор. "Бу кўп эмас. Энг камида 500 дан ортиқ кинотеатр бўлиши керак. Кинотеатрлар камлиги учун фильмларимиз томошабинга етиб бормаяпти", деган Фурқат Зокиров.