Озодлик танқиди ортидан сув тошқинлари оқибатлари ҳақида расмий маълумот берилди

Навоий вилояти Хатирчи туманида селда оқиб кетган Nexia.

Ўзбекистонда сув тошқинлари оқибатлари ҳақида орадан тўрт кун ўтган бўлса ҳам Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмий маълумот бермаётгани тўғрисида Озодлик мақола чоп этганидан сўнг, 8 апрель куни вазирлик ўз сайтида расмий маълумотни эълон қилди.

Расмий хабарда айтилишича, 5-7 апрель кунлари кучли ёғингарчиликлар туфайли Қашқадарё, Самарқанд, Навоий, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларда сел тошқинлари юз берган. Сел бир ойда ёғадиган ёғин миқдори бир-неча соат ичида ёғиб ўтганлиги натижасида келиб чиққан.

Ҳолат юзасидан вилоятлар ҳокимликларида штаб иши ташкил этилиб, ёмғир натижасида вилоят ҳудудида юзага келган вазиятга аниқликлар киритилмоқда.

Хабарда айтилишича, Қашқадарё вилоятининг Қамаши тумани Лангар қишлоғидаги 25 та ҳовлини, Чироқчи туманида 8та хонадонни, Навоий вилояти Хатирчи туманида Урганжа қишлоғида 132 хонадонни сув босган.

Бундан ташқари Жиззах вилоятида 23та хонадон селдан зарар кўрган, Самарқанд вилоятида сув тошқинидан зарар кўрган хўжалилклар аниқланмоқда, Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида 13та, Қумқўрғон туманида 7 ҳовлини сув босган.

“Республика бўйича талафотларни бартараф этиш учун ФВДқТ хизматларининг 605 нафар ходими ва 115 та техникаси жалб этилган”, дейилади хабарда.