Янгийўлда чақалоқни юз долларга сотган акушер қўлга олинди

Иллюстратив сурат.

Янгийўл туман тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқхона шифокори янги туғилган чақалоқни юз долларга сотганликда айбланиб қўлга олинди.

Бош прокуратуранинг хабар беришича, туғруқ бўлими акушер-гинекологи Р.Х., жорий йилнинг биринчи апрелида туғилган қиз чақалоқни ўлган деб расмийлаштирган. Шундан сўнг у юз доллар эвазига чақалоқни фуқаро С.М., дунёга келтирган деб сохта ҳужжатлар билан расмийлаштирган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

1 апрель куни Озодлик радиоси Қўқонда ҳамширалар 5 кунлик чақалоқни 500 долларга сотаётган пайтда ушлангани ҳақида хабар берган эди.

24 март куни Тошкент вилоятининг Тошкент туманида 3 ойлик чақалоғини 8 минг АҚШ долларига сотаётган фуқаро ушланди.

27 март куни эса Навоий вилоят, Кармана туман, Мичурин дала-ҳовлилар жамиятида яшовчи аёл 14 кунлик фарзандини 5 млн. сўмга бошқа бир фуқаро сотаётган вақтда қўлга олингани хабар қилинган.