Россия Думаси “суверен интернет”га оид қонун лойиҳасини кўриб чиқяпти

Намойишчилар суверен Рунет ва интернетдаги цензурага қарши қонун лойиҳасига норозилик билдириб ўтган ойда Москва кўчаларига чиққан эди.

Россия парламентининг қуйи палатасида зиддиятли қонун лойиҳаси иккинчи ўқишдан ўтди, агар у қабул қилинса, мамлакатдаги интернет глобал тармоқдан узиб қўйилади.

Давлат Думаси депутатлари 11 апрелда таклиф этилган қонун лойиҳасига (320 депутат “ҳа” деб, 15 депутат эса “йўқ” деб) овоз берди.

Танқидчиларга кўра, ушбу қонун лойиҳаси президент Владимир Путин ҳукуматининг интернет устидан назорат ўрнатиш ва цензура юритиш борасидаги уринишларининг бир қисмидир.

“Суверен интернет” деб аталувчи қонун лойиҳасида Россиядаги интернет трафиги ва маълумотлари давлат назоратидаги идоралардан ўтиши мажбурийлиги ҳамда ички домен номлари тизими бўлиши талаб қилинмоқда.

Қонун лойиҳаси ҳимоячилари ушбу лойиҳа интернетнинг Россия сегменти – Рунетни янада мустақил қилишини иддао қилади.

Улар бу Россияни потенциал киберҳужумлардан ҳимоя қилиши учун кераклигини айтмоқда.

Танқидчилар эса у Россиядаги интернет мустақиллигига жиддий путур етказиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

Айни лойиҳа ҳукумат тақиқлаган вебсайтларни бемалол блоклаш имконини берадиган махсус жиҳоз ўрнатишни талаб қилади.

Ҳафта бошида Россиянинг ОАВни назорат қилувчи Роскомнадзор федерал хизмати вакили қонун лойиҳаси мамлакатда машҳур хабар алмашиш илова дастурини жиловлашга қаратилганини очиқ айтди.

Александр Жаров 9 апрелда ТАСС ахборот агентлигига қонун лойиҳаси “тақиқланган ахборот тарқалиши олдини олиши”ни таъкидлади.

Шуниси аниқки, тўсиқ қўйишга ҳаракат қилишнинг сабабларидан бири” онлайн ресруслар, жумладан, “Телеграм” хабар алмашув илова дастурига “қарши кураш”дир, дея Жаровнинг сўзларидан иқтибос келтирилади.

Камида 4 та онлайн нашр, жумладан, ҳукуматга қарашли “Российская газета” Роскомнадзор вакилининг “Телеграм” хабарлар алмашув илова дастурини блоклаш ҳақидаги гапларини олиб ташлади.

2018 йил апрелида Россия “Телеграм” раҳбарияти фойдаланувчиларнинг ҳавфсизлик хизматларига каналнинг шифрланган хабарлари билан танишиш борасидаги суд қарорини бажармагандан кейин уни блоклаб қўйган эди.

“Amnesty International” ташкилоти вакилига кўра, юқори лавозимли давлат амалдорлари ҳам, уларнинг рақиблари ҳам фойдаланадиган “Телеграм” каналини блоклаш Россияда “интернетдаги сўз эркинлигига қарши ҳужумнинг сўнгги босқичи” бўлади.

Кўплаб россияликлар ўтган йили Кремлнинг хабарлар алмашувчи илова дастурини блоклашга уринишига қарши норотзилик билдириб, кўчаларга чиққан эди.