Тошкент темир йўл муҳандислари институти матбуот хизмати жорий йилда олийгоҳни битирадиган 1093 нафар талаба тўлиқ иш билан таъминлангани ҳақида хабар тарқатди.
Маҳаллий матбуотнинг институт матбуот котиби Дилшод Раҳматовга таяниб хабар беришича, 9-11 апрель кунлари «Ўзбекистон темир йўллари» ширкати раисининг ўринбосари Ўткир Турсунқулов раҳбарлигида ишчи комиссия йиғилишида мана шу масала ҳал этилган.
Хабарда таъкидланишича, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятнинг 60 дан ортиқ ишлаб чиқариш субъектлари, «Олмалиқ кон-металлургия комбинати», «Навоий кон-метуллургия комбинати» ва бошқа манфаатдор ташкилотлар вакиллари битирувчилар билан индивидуал тарзда суҳбатлашганлар.
«Институт битирувчиларни ишга тақсимлаш жараёнида битирувчилардан қаерда ишлашни хоҳлаши тўғрисидаги олинган сўров-анкеталари асос қилиб олинди. Битирувчиларнинг оилавий шароити, доимий яшаш жойи ва таклиф этилаётган иш жойларида ишлаш истагига эътибор қаратилди. Комиссия ҳар бир битирувчига таклиф қилинаётган иш жойи, меҳнат ва маиший шароитлари, лавозими, иш ҳақи миқдори тўғрисидаги ва бошқа зарур маълумотлар билан таништирилди», деб ёзди бу борада хабар берган Хabar.uz нашри.