Россия парламентининг қуйи палатаси баҳсталаб қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди. Ушбу ҳужжат билан Россия президенти Владимир Путин ҳукумати Интернетни назорат қилиш имконини кучайтиришга уринаётгани айтиб келинади.
11 апрель куни Давлат Думасининг 320 депутати қонунни қўллаб, 15 депутати эса қарши овоз берди. Думада иккинчи ўқиш давомида таклиф қилинаётган ўзгаришларнинг якуний версияси қабул қилинади. Қонун лойиҳасини Путин имзолашидан аввал у парламентнинг юқори палатасида ҳам кўриб чиқилиши керак.
“Суверен Интернет” номи берилган қонун кучга кирса, Россияда веб траффиги ҳукумат назоратидаги нуқталардан ўтиши керак бўлади. Қолаверса, қонун доирасида маҳаллий номлаш тизимини жорий қилиш кўзда тутилган. Қонун тарафдорлари лойиҳа рунетни мустақил қилиш имконини беришини айтмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, Россияни киберҳужумлардан ҳимоя қилиш учун бундай қонун зарур.
Танқидчилар эса, қонун Россияда Интернет эркинлигини кескин чеклашини айтмоқда. Ўтган ойда Москвада минглаб одам ушбу қонун лойиҳасига қарши норозилик намойишига чиққан эди.