ЎзА агентлиги Сирдарё вилоятида 10 миллион сўмдан ортиқ қарзни ундириш учун борган Мажбурий ижро бюроси ходими калтакланганини хабар қилди.
Агентликнинг ёзишича, Гулистон шаҳрининг “Аҳиллик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшайдиган қарздор маст ҳолда бўлган ва МИБнинг шаҳар бўлими ходимини калтаклаган.
"А.Х. қарздорликни тўлаб беришни тушунтираётган вақтида, маст ҳолатда бўлган Ю.А. уйи дарвозасини қулфлаб олган. Сўнгра давлат ижрочиси А.Х.ни бўйнидан бўғиб, танасининг турли жойларига қўли билан уриб, оёғи билан тепган", деб хабар қилди агентлик.
Айтилишича, бу ҳолат юзасидан Гулистон шаҳар прокуратураси терговга қадар текширув ишларини бошлаган.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда свет-газ ва бошқа коммунал хизматлар учун тўловлардан қарзи йиғилиб қолган ёки сунъий равишда қарзи оширилганидан шикоят қилган аҳоли ҳамда МИБ ходимлари ўртасида зиддият кучайиб кетгани кузатилмоқда.
Озодлик МИБ ходимлари билан муштлашган, МИБ ходимлари томонидан калтакланган ёки қарзни тўлашдан бош тортиб, ўз жонига қасд қилган ўзбекистонликларга оид кўплаб маълумотларни аниқлган, мақолалар чоп этган.