Ўзбекистондаги энг йирик Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи (ФНҚИЗ) учун дастлабки тўлов миқдорида - 16 миллион АҚШ доллари қилиб белгиланди.
"Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини тўғридан-тўғри хорижий ивестицияларни жалб қилган ҳолда модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори Lex.uz - қонун ҳужжатлари миллий базасига жойланди.
10 апрелда имзоланган қарорда: "ФНҚИЗ устав капиталидаги 100 фоиз улушни сотиш бўйича келишувнинг дастлабки сотиб олиш тўлови 16 000 000 (ўн олти миллион) АҚШ доллари миқдорида назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган асосий шартларга мувофиқ инвестор билан тузилишини таъминласин", дейилади.
12 апрель куни Адлия вазирлиги ушбу ҳужжат имзолангани ва ФНҚИЗ Индонезиянинг PT Trans Asia Resources компаниясига сотилишини хабар қилганди.
"PT Trans Asia Resources ширкати заводни модернизация қилиб, тўлиқ ишлаб чиқаришни йўлга қўйганидан сўнг, кейинчалик фойдаланиш учун етакчи халқаро компаниялардан иборат консорциум ташкил этилади. Кейинчалик заводнинг устав капиталидаги давлат улуши Ҳукумат шартлари асосида PT Trans Asia Resources компаниясига сотилади", дейилганди Адлия вазирлиги хабарида.
Президент қарори билан хорижий инвесторга, ФНҚИЗда иш бошлаганидан кейинги 14 ой ичида, заводнинг олдинги қарзларини тўлаш мажбурияти юкланмайди.
Бундан ташқари, заводнинг янги эгаси ҳам аввалги эгалари фойдаланган барча имтиёзлар, енгилликлар ва субсидиялар, лицензиялар ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатлардан, уларнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар фойдаланади.
Шунингдек, 2021 йилнинг 1 апрелигача импорт қилинадиган асбоб-ускуналар, машиналар, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар, қурилиш материаллари ва бошқалар учун божхона тўловларидан озод этилади.
Президент Мирзиёев 2018 йилнинг сентябрида Ўзбекистондаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводи - ФНҚИЗ раҳбарияти ва бутун Фарғонани “дабдала қилиб кетган” мулозимлар ҳақида гапирар экан, уларни “фарғоналик келинлар”,"тўдалар" ва "каламушлар" дея атаган эди.
Кейинги йилда заводда бир неча бор кенг кўламли штат қисқартириши бўлгани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.
Ҳозирда Ўзбекистонда нефтни қайта ишловчи 3 та завод - Фарғона, Олтиариқ, Бухоро заводи ишлаб турибди. Хомашё танқислиги боис, ҳар 3 заводнинг анчадан буён тўла қувватда ишламаётгани айтиб келинади.