Шайхонтоҳур туман солиқ инспекциясининг собиқ раҳбарларига нисбатан 25 март куни жиноят иши қўзғатилган. Бу борада 16 апрель куни Бош прокуратура маълум қилди.
Расмий маълумотда айтилишича, Шайхонтоҳур солиқ инспекциясининг собиқ раҳбарлари Тошкент туманлараро иқтисодий масалалар бўйича судига BDS Leasing ширкатидан 843 миллион сўм, солиқлардан 59,4 миллион сўм қарзи бўлган Krono Style ширкатининг қарзлари йўқлиги ҳақида тақдимот киритган.
Шундан сўнг Krono Style ширкати устидан суд тўхтатилган. Ширкат суд тўхтатилиши билан 2016 йилнинг 18 майида ўз фаолиятини тугатган. Бунинг оқибатида давлат ва BDS Leasing ширкати зарар кўрган.
Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекциясининг 133 нафар ходими ëппасига ишдан ҳайдалгани ҳақида Озодлик 6 апрель куни хабар берган эди. Дастлаб бу хабарни инкор қилган Давлат солиқ инспекцияси 15 апрель куни ходимлар ёппасига ишдан бўшатилганини тан олган.
Давлат солиқ қўмитаси Шайхонтоҳур туман солиқ инспекцияси “коррупциялашган ячейка”га айланиб қолгани ортидан бу тузилманинг барча ходимлари ишдан бўшатилганини маълум қилган эди.