Узоқ йиллар масъул раҳбар лавозимларда ишлаган ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст ёшларнинг диди ўтмаслашиб кетаётганидан хавотир билдирди (“XXI аср”, 18 апрель). “Мен бекорга додлаётганим йўқ, ўртамиёна нарсаларни мезон қилиб олаётганимиз дидимиз тушиб кетаётганини кўрсатиб турибди. Бўлажак актёрлар, ёш театршунослар билан гаплашганим сайин қайғуга чўмиб боряпман. Кўп нарса билмайди, кўп нарса ўқимаган... Дидсизлик расмий даражага кўтарилган, шиорларга айлантирилган. Наҳотки, фаросатли одамлар йўқ? Бор, лекин айтгани қўрқади”, деган ёзувчи. Адиб, шу билан бирга, “мустақиллик” сўзини хор қилиб ташламасликка чақирган. “Мустақиллигимиз” деб гап бошлаши билан, демак, сен ҳали тўлиқ мустақил эмассан, деб ўйлайман. Нима кераги бор? Сўзнинг қадри йўқолиб кетди. Қанчалик кам ишлатсак, бу тушунчанинг қадри ўшанча баланд бўлади”, деган Мурод Муҳаммад Дўст.