Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Чиноз туман бўлими молиявий пирамида ташкил қилган яна бир шахсни қўлга олди.
"Ҳуқуқ" нашрининг хабар қилишча, Босит Хўжаев (исм-фамилияси ўзгартирилган) "Аҳмадбой сценарийси" асосида фуқаролардан пул, автомашина, қорамол ва бошқа қимматли буюмларни икки баробар қилиб қайтариш эвазига қабул қилиб олган".
Газетанинг ёзишича, янги "Аҳмадбой" қисқа вақт ичида 3 миллиард 42 миллион 302 минг сўм пул йиғишга эришган.
У бу маблағларни легаллаштириш учун 2 та масъулияти чекланган жамиятни ташкил қилган ва йиғилган маблағларни "молиявий ёрдам" сифатида киритган.
Суриштирув жараёнида унга пул берганлар сони салкам 350 нафарга етгани аниқланди.
Мақолада айтилишича, Б.Хўжаевга нисбатан фирибгарлик, жуда кўп миқдорда валюта қимматликларини олиш, ўтказиш, ноқонуний тадбиркорлик, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш жиноятларини қасддан содир этиш каби айбловлар билан жиноят иши қўзғатилиб, суд ҳукми билан жазо тайинланган.
Аммо, конкрет қандай жазо тайинлангани ҳақида мақолада маълумот берилмаган.