23 апрелда Ўзбекистон Республикаси президенти «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги фармонни имзолади.
ЎзА ахборот агентлиги эълон қилган фармонга биноан 9 май умумхалқ байрами — Хотира ва Қадрлаш куни ўтказилиши ва фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 74 йиллиги нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 7 500 000 (етти миллион беш юз минг) сўм миқдорида бирйўла пул мукофоти белгиланди.
Мазкур фармонни бажариш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати Молия вазирлиги ва Марказий банк билан биргаликда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига ушбу пул мукофоти тантанали ва байрамона вазиятда топширилишини таъминлаши ҳам ҳужжатда акс этган.
Маълумотларга қараганда, шу кунда Ўзбекистонда 878 нафар уруш қатнашчиси яшаяпти.