Ўзбекистонда 2019 йилнинг биринчи чорагида ишсизлик даражаси 9,4 фоиз бўлди. Бу 2018 йилнинг шу даврига солиштирганда 0,1 фоизга кўпдир. Бу ҳақда 23 апрель куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълум қилди.
Вазирликнинг билдиришича, ишсизликнинг энг юқори даражаси Қорақалпоғистон, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё ва Фарғона вилоятларидадир. Бу ҳудудларда аҳолининг 9,7 фоизи ишсиз.
Тошкент шаҳрида эса ишсизлар сони ишга яроқли аҳолининг 8 фоизи даражасидадир. Республика бўйлаб ишга муҳтож одамлар сони 1 миллион 391 минг кишини ташкил этди.
Ишсизларнинг 15,3 фоизи 30 ёшгача бўлганлар, 17,1 фоизи 15−25 ёшлилар, 13 фоизи аёллардир.
Меҳнатга лаёқатлилар сони 183,2 минг кишига кўпайган ва 18 миллион 953 минг кишини ташкил этди. Бу 2018 йилнинг январь-март ойларига нисбатан 1 фоизга кўп.
Чет элга ишга кетганлар сони 19,4 минг кишига камайиб, 2 миллион 365 минг 400 нафарни ташкил этди.