Шаҳар хизматлари ва Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Тошкентда 23−24 апрель кунлари ёққан сурункали ёмғир ортидан юзага келган сув тошқинлари оқибатларини бартараф этишга киришди. Бу ҳақда «Газета.uz» Тошкент ҳокимиятига таянган ҳолда хабар берди.
“Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Чилонзор, Яккасарой, Миробод, Яшнобод, Учтепа, Олмазор ва Сергели туманларида бир соат ичида 12 мм миқдорида ёмғир ёғди. Шу сабабли ирригация ва дренаж тизимлари бунга дош бера олмайди ва сув кўча ва йўлларга тошиб чиқди”, - дейилади хабарда.
Нашрнинг мутахассисларга таяниб билдиришича, Тошкент шаҳрида ирригация ва дренаж тармоқлари капитал таъмирга муҳтож. Таъмир учун 500 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ талаб этилади.
Ҳокимият бу муаммони бартараф этиш йўналишида 2019 йил январь ойидан бошлаб Осиё тараққиёт банки ва Ислом тараққиёт банки билан музокаралар олиб борилаётганини ҳам билдирган.