Украинанинг айирмачи ҳудудлари аҳолиси енгиллаштирилган тарзда Россия фуқаролигига қабул қилинади

Россия паспортлари.

Президент Владимир Путин Украинанинг россияпараст айирмачилар томонидан назорат қилинаётган ҳудудларида яшовчи аҳоли енгиллаштирилган тарзда Россия фуқаролигига қабул қилиниши тўғрисидаги фармонни имзолади. Фармон матни Кремль расмий сайтида эълон қилинди.

Фармонда айтилишича, енгиллаштирилган тарзда фуқароликнинг берилиши инсон ҳақлари ва эркинликларини таъминлашни назарда тутувчи “гуманитар мақсадларда” амалга оширилади.

Украинанинг Донбасс ҳудудида истиқомат қилувчи аҳоли ариза берган кунидан бошлаб уч ой ичида Россия фуқаролигига қабул қилинади.

АҚШ Давлат департаменти Путиннинг фармонини “провокация”, деб баҳолади. “Россия бу каби провокация воситасида Украина суверенитети ва яҳлитлигига таҳдидни кучайтирмоқда”, дейилади баёнотда.