Ўзбекистонлик қўшиқчи Жасур Умиров МЖтКнинг 183-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, 15 суткалик маъмурий қамоқ билан жазоланди.
Бу ҳақда хабар қилган kun.uz сайтига кўра, қўшиқчига нисбатан 24 апрель куни Тошкент шаҳар Олмазор туман маъмурий суди чиқарган қарорни 26 апрелда Тошкент шаҳар маъмурий суди кассация тартибида кўриб чиқиб, ўзгаришсиз қолдирган.
Айтилишича, Жасур Умиров 2018 йил, 18 ноябрь, соат 03:00ларда маст ҳолатда Ҳ.Қ.нинг хонадонига ўзининг «Каптива» русумли автомашинасида борган. Шахсий адовати бўлгани боис унинг дарвозасига бир неча марта автомашинасининг олд қисми билан урган. Дарвозага шикаст етказган, жабрланувчини ҳақоратлаган ва қўлидаги пичоқ билан қўрқитган.
"24 апрель куни Тошкент шаҳар Олмазор туман маъмурий суди томонидан 1986 йил Самарқанд вилоятида туғилган Жасур Умировга нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси, майда безорилик, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик моддаси доирасида суд иши кўриб чиқилди", - деган сайт манбаси.
Судда Жасур Умиров айбига тўлиқ иқрор бўлган - ростдан ҳам ўзи билан олиб юрадиган пичоғи билан танишини қўрқитиб ҳақоратлаганини тан олган. Сабаб сифатида ўзи ёқтирган Шамсия исмли қизни унга турмушга беришмаётганини кўрсатган. Лекин қилган ишидан афсусдалигини билдириб, суддан енгиллик сўраган.