ИДнинг раҳбари беш йил ичида биринчи марта кўриниш берди

"Ислом давлати" гуруҳи лидери Бағдодий.

"Ислом давлати" гуруҳи лидери сўнгги беш йил ичида биринчи марта видеода пайдо бўлди.

29 апрель куни "Ислом давлати"га мансуб экани айтиладиган "Ал Фурқон" агентлиги тарқатган видеода ўсиб кетган сарғиш соқолли Абу Бакр ал Бағдодий ерда деворга суяниб ўтирганини кўриш мумкин. У қора кўйлак устидан енгил камзул кийган ва ўнг қўли томонда автомат турибди. Ниқоб кийган уч киши эса Бағдодийнинг гапларини эшитиб ўтирибди.

Видеода Бағдодий тез -тез сукут сақлаган ҳолда салмоқлаб гапирди.У "Ислом давлати" гуруҳи ҳалок бўлган ва қамоқларга ташланган жангарилар учун ўч олишини айтди.

18 минутли мазкур видеонинг қаерда тасвирга олингани маълум эмас. Ироқ ва АҚШ Бағдодийни қўлга олишга ҳаракат қилиб келмоқда.