2 май куни Тошкентда Ўзбекистон ва Россия ташқи ишлар вазирлари - Абдулазиз Комилов ва Сергей Лавровлар учрашди.
Ташқи ишлар вазирлигининг хабар қилишича, С. Лавров икки томонлама музокаралар олиб бориш ва Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш соҳасида минтақавий ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув Меморандуми иштирокчи давлатлар учрашувида қатнашиш учун Тошкентга борган.
Суҳбат чоғида икки томонлама ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар муҳокама қилинган. Шунингдек, вазирлар президент Владимир Путиннинг 2018 йилда Ўзбекистонга қилган давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёнини муҳокама қилган.
Хабарда айтилишича, ҳозирда савдо-иқтисодий алоқалар бўйича ҳукумат раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг биринчи мажлисини ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда.
Шунингдек, бу учрашувда Россиянинг 4 та олий ўқув юрти – МИФИ, ВГИК, Москва энергетика институти ва Россия кимё технологиялари университети филиалларини Ўзбекистонда очиш масаласи муҳокама қилинган.