"Осиё айиғи" лақаби билан танилган аралаш жанглар устаси Мурод Хонтўраевни 2018 йилнинг 26 ноябрида пичоқлаганликда айбланаётган 7 кишига нисбатан суд жараёни бошланди.
Олий Суднинг 2 май куни хабар беришича, жиноят ишлари бўйича Шайхонтахур туман судида ўтаётган жараён 12 апрель куни бошланган.
Судланувчилардан бир нафари фарғоналик, бир нафари Тошкент вилоятидан, қолган беш нафари Тошкент шаҳридан. Улардан олти нафари муқаддам судланган. Судланувчилар Жиноят Кодексининнг 164 – моддаси 4-қисми билан босқинчиликда айбланмоқда.
Мурод Хонтўраев ўтган йил ноябрида "Тошкент" савдо маркази яқинида пичоқланиб, шифохонага ётқизилгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган.
Хабарда айтилишича, Мурод Хонтўраевнинг сонига икки марта пичоқ урилган ҳамда кўкрак қафаси лат еган.
Мурод Хонтўраев 2018 йилнинг 20 июнь куни Тошкентдаги "Аурум 898" тунги клуби яқинида безорилик қилганликда айбдор деб топилиб 16,2 миллион сўм жаримага тортилган эди.
Юнусобод туманидаги "Аурум 898" клубида 2018 йилнинг 8 августидан 9 августига ўтар кечаси, тахминан, соат 00:25 ларда пичоқбозлик оқибатида эркин кураш бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси, 25 ёшли Жамшид Кенжаев ҳалок бўлган эди.