БМТнинг Суриядаги қочқинлар лагерида сақланаётган 34 нафар тожикистонлик аёл ватанларига қайтарилишларини илтимос қилиб, Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилди. Уларнинг ҳар бирининг бир ёшдан беш ёшгача бўлган фарзандлари бор.
30 апрель куни Ироқда “Ислом давлати” гуруҳи сафларида жанг қилган тожикистонликларнинг 84 нафар фарзанди Тожикистонга қайтарилган эди. Бироқ катта ёшдагилар ватанига қайтарилмаган.
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги 3 май куни Суриядан тожик фуқароларини қайтириш ишлари бошланганини расман маълум қилган эди.
Хабарда айтилишича, Ироқ қамоқхоналарида ҳозирги кунда 48 нафар тожик аёли сақланмоқда. Тожикистон ҳукумати мана шу аёлларнинг фарзандларини ватанига қайтарган. Айни пайтда аёлларнинг ўзларини Тожикистонга олиб келиш масаласи муҳокама қилинмоқда.
3 майда Сурия демкоратик кучлари гуруҳи вакили Салаҳ Кемин қочқинлар лагерларида сақланаётган аёллар жазоланмаслигини, уларни ватанларига қайтариш юзасидан Марказий Осиё давлатлари ҳукуматларига расмий мактублар жўнатилганини айтди.
Ҳозирча минтақа давлатлари орасида Қозоғистонгина Суриядан 50 нафарга яқин аёлни фарзанлдари билан ва бир эркакни ватанига қайтаргани маълум.