Фарғона шаҳрининг Осиё кўчасида яшовчи Исломжон ва Дилоромхон Исроиловлар оиласида 1 май куни туғилган уч эгизакка Шавкатжон, Зироатхон ва Саидахон деб исм қўйилди.
Шавкатжон 1 кг 944 грамм, Зироатхон 1 кг 972 грамм, Саидахон эса 1 кг 888 грамм вазнда туғилган.
Маҳаллий матбуотнинг 6 май куни хабар беришича, мазкур исмлар президент Шавкат Мирзиёев, президент рафиқаси Зироатхон Мирзиёева ва президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева шарафига қўйилган.
Президент номидан Cobalt автомашинаси чақалоқларнинг ота-онасига 5 май куни топширилган. Бундан ташқари уч эгизак учун мўлжалланган болалар аравачаси ва чақалоқлар учун зарур бўлган бошқа буюмлар ҳам совға қилинган.
Ўзбекистонда туғилган эгизакларга президентларнинг исмларини қўйиш ва бунинг эвазига президент номидан совға олиш ўзига ҳос анъанага айланган.
Масалан, сўнгги марта 25 март куни президент Бухорода туғилган уч эгизак Шавкат, Миромон ва Мирзиёнинг отасига Cobalt совға қилган эди.
Ислом Каримов президент бўлган даврларда уч эгизак туғиб¸ уларга Ислом, Карим, Абдуғани исмлари қўйган оилаларга бешик, коляска, бола пули берилган.
Хусусан¸ 2013 йилда тўрт ўғил кўрган тошкентлик Гулшан Ҳайдарова чақалоқларига Ҳасан, Ҳусан, Ислом ва Карим деб исм қўйганидан сўнг ўзига уч хонали квартира беришганини Озодликка маълум қилган эди.