6 май куни 130 мамлакат қўллови билан тайёрланиб, эълон қилинган ҳисоботга кўра, мисли кўрилмаган 1 миллион биологик тур йўқ бўлиш хавфи остидадир.
Ҳисоботни 50 давлатда яшовчи 145 мутахассис тайёрлаган. Уларнинг хулосаларига қараганда, глобал иқтисодий ва молиявий тизимларни тубдан ўзгартирибгина инсоният келажаги учун муҳим бўлган экотизимларни сақлаб қолиш мумкин.
Ҳисоботда табиатга инсоният келтираётган зиённинг асосий сабабчиси иқтисодий ривожланиш кетидан қувиш ҳамда иқлим ўзгаришининг салбий таъсири эканлиги эътироф этилган.
Кузатувлар Ерда аниқланган тақрибан 8 миллион ўсимлик, ҳашарот ҳамда жониворлар турининг 1 миллиони йўқ бўлиб кетиш хавфи остида эканлигини кўрсатган.
Ҳисоботда индустриал қишлоқ хўжалиги ҳамда балиқ овлаш турлар йўқ бўлишига туртки бўлаётган асосий сабаблар эканлиги айтилган.
Тадқиқот муаллифларининг хулоса қилишича, ҳозир турларнинг йўқ бўлиш суръати сўнгги 10 миллион йилги ўртача кўрсаткичга қиёслаганда 10-100 баробарга юқори.