Британия шаҳзодаси Ҳарри тўнғич фарзанди туғилганини эълон қилди.
-Эрта тонгда мен ва Меган ўғилли бўлганимиз ва ўғлимиз жуда соғлом туғилганини эълон қилишдан мамнунман. Она ва бола ўзларини яхши ҳис қилмоқдалар, - деди шаҳзода Ҳарри.
Оилада туғилган бу ўғил Британия тахтига ўтириш учун навбатда турганларнинг еттинчиси бўлади.
Букингем саройи 6 майда туғилган чақалоқнинг вазни 3 кило уч юз грамм эканини маълум қилди. Ҳозирча оила фарзандга қандай исм қўйиш тўғрисида бир қарорга келган эмас.
34 ёшли Ҳарри ва 37 ёшли америкалик собиқ актриса Меганнинг фарзанди қиролича Елизавета II-нинг саккизинчи чеварасидир. Ҳарри ва Меган 2018 йилнинг 18 майида турмуш қурган эди.
Ҳарри тахтга даъвогар шаҳзода Чарльзнинг кичик ўғлидир. Ҳаррининг онаси малика Диана 1997 йилда Парижда автоавария оқибатида ҳалок бўлган эди.