9 май арафасида Адлия вазирлиги кўча намойишлари учун жавобгарлик назарда тутилганини эслатди

Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш ёхуд ўтказиш тартибини бузиш ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олинишига сабаб бўлиши мумкин, деб эслатди Адлия вазирлиги ўзининг Telegram каналида.

Вазирликка кўра, агарда ҳаракат ташкилотчиси айнан шу каби ҳаракатлар учун илгари маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, унда ушбу шахс жиноий жавобгарликка тортилади. Бунда максимал жиноий жазо сифатида 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Бундан ташқари, рухсат этилмаган йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ва намойишлар қатнашчиларига бинолар ёки бошқа мулк (алоқа воситалари, кўпайтирадиган ва бошқа хил техник ускуналар, транспорт)ни бериш ёки шундай тадбирларни ўтказиш учун бошқа шароитларни яратиш фуқароларга 20 млн 273 минг сўмгача, мансабдор шахсларга эса 30 млн 409 минг сўмгача жарима солишга сабаб бўлиши мумкин.

Адлия вазирлигининг бу эслатмаси 9 май куни Тошкентда «Ўлмас полк» тадбири ўтказилиши тўғрисидаги хабарлар фонида эълон қилинди.