Халқаро арбитраж суди Ўзбекистоннинг Қирғизистонга нисбатан даъво аризасини кўриб чиқишни бошлади. Ўзбекистон Қирғизистонни Иссиқкўлдаги Тошкентга қарашли тўртта пансионатни тортиб олишда айблаб судга мурожаат қилган эди.
Қирғизистон ҳукумати бу масалада 8 май куни расмий маълумот тарқатди. Унда айтилишича: “Бу каби даъво аризаларни кўриб чиқишда дастлаб даъвонинг ўзи эмас, бу даъвони Ҳалқаро арбитраж кўриб чиқиш ваколатига эга ёки эга эмаслиги муҳокама қилинади. Жорий йил май ойининг бошларида суднинг биринчи босқичи якунига етиб, Халқаро арбитраж бу масалани кўриб чиқишга ваколатли экани тўғрисида қарор қабул қилинган”.
Айни пайтда далил-исботлар базасини шакллантириш ҳамда даъвогарнинг иддаоларини ўрганиш жараёни кечмоқда.
2016 йил 4 апрелида Ўзбекистон билан муносабатлар ёмонлашгани ортидан Қирғизистоннинг ўша пайтдаги бош вазири Темир Сариев Иссиқкўлдаги Ўзбекистонга қарашли “Дилором”, “Роҳат”, “Олтин қум” ва “Бўстон” пансионатларини Қирғизистон ихтиёрига ўтказиш тўғрисида қарор имзолаган эди.
Мазкур қарор қабул қилинишига 2016 йилнинг 18 март куни Ўзбекистон Қирғизистон билан баҳсли бўлиб турган Чаласарт ҳудудига ҳарбий техника ва аскар киритгани сабаб бўлган эди.
Бироқ Шавкат Мирзиёевнинг ҳокимиятга келиши ортидан Ўзбекистон-Қирғизистон алоқалари яхшилана бошланди ва бунинг таъсири ўлароқ қирғиз парламенти 2017 йилнинг декабрида пансионатларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича Тошкент билан имзоланган шартномани ратификация қилди.
Шундан сўнг ўша пайтдаги бош вазир Сапар Исақов тўрт пансионатни Ўзбекистонга қайтариш тўғрисидаги қарорни имзолади.
Аммо маълум бўлишича, қарор имзолангани билан пансионатларнинг ўзи ҳалигача Тошкентга қайтарилмаган.
Шундан сўнг 2017 йилда Ўзбекистон бу пансионатларни ўзига қайтариш талаби билан Халқаро арбитражга мурожаат қилган.
Ўтган асрнинг 1960-йилларида Совет Иттифоқи минстрлар кенгаши Иссиқкўлни бутуниттифоқ соғломлаштириш маркази сифатида эълон қилган эди. Ўшанда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўз бюджети ҳисобидан Иссиқкўлда тўрттадан пансионат барпо этган.