Жаҳоннинг қатор давлатларида, жумладан, Ўзбекистонда 9 май Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг навбатдаги йиллиги нишонланмоқда.
Ўзбекистонда Хотира ва қадрлаш куни деб аталадиган сана муносабати билан пойтахт Тошкентда қатор тадбирлар, сайллар ўтказилиши ҳамда кеч соат 9да Ғалаба салюти отилиши режалаштирилган.
Шунингдек, «Ўлмас полк» тадбири ўтказилиши тўғрисида ҳам хабарлар берилди. Бироқ пойтахт ҳокимияти бу хабарларни рад қилди ва “тадбир ташкилотчилари бу кўча юришини ўтказиш учун тегишли рухсатларни олмагани”ни билдирди.
Аммо бундай рухсатнома берилмаганига қарамай, Ўзбекистонда СССРни қайта тиклаш йўлидаги маданий-мафкуравий тадбир сифатида кўриладиган “Ўлмас полк” тадбири 2017 йилнинг 9 майидан бери ўтказилиб келинмоқда.
Аввалроқ президент Мирзиёев 9 май- Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ўзбекистонда яшаётган Иккинчи жаҳон уруши фахрийларининг ҳар бирига 7,5 миллион сўмдан бир марталик мукофот пули берилиши ҳақидаги қарорни имзолаган эди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон урушининг 878 фахрийси яшаётгани расман билдирилган.
Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистондан 1,5 миллиондан кўпроқ одам иштирок этган. Улардан 420 мингги ҳалок бўлган, 640 мингги яраланган. 338 ўзбекистонлик Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган.