"Ўлмас полк" юришида Қирғизистоннинг амалдаги ва собиқ президентлари иштирок этди (ФОТО)

"Ўлмас полк"нинг Қирғизистондаги юриши. Президентлар ва сиёсатчилар олдинги сафларда

Қирғизистон пойтахти Бишкекда ўтказилган “Ўлмас полк” тадбирида 50 мингдан кўпроқ одам иштирок этди. Бу ҳақда Бишкек милицияси матбуот хизмати 9 май куни хабар берди.

Бишкекнинг Жанубий дарвоза мавзесидан бошланиб, Ғалаба майдонида якунланган ва деярли 7 километр масофа босиб ўтилган “Ўлмас полк” юришида амалдаги президент Сўўрўнбай Жээнбеков, собиқ президентлар Роза Ўтунбаева ва Алмазбек Атамбаев, бош вазир Муҳаммедқалий Абилгазиев иштирок этди. Улар иккинчи жаҳон урушида иштирок этган оталари ва боболари портретларини кўтариб ўтишди.

Қирғизистонда “Ўлмас полк” тадбири бир неча йиллардан бери анъанавий тарзда ўтказиб келинади. Жорий йилдаги юришда намойишчилар орасида Сталиннинг портретларини кўтариб олганлар ҳам бўлди.

Россияда ташкиллаштирилган ва кейинги йилларда бошқа мамлакатларда ҳам оммалашиб бораётган "Ўлмас полк" хотира тадбири 9 май куни Тошкентда ҳам ўтказилди.