Хоразмлик Аделия Худойберганованинг OzodMikrofonга мурожаат қилиб, айтишича, 9 йилдан буён бузилган уйи эвазига ҳаққини талаб қилиб, курашиб келмоқда.
Ўзбекистоннинг деярли барча ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилганини айтган Худойберганова муаммоси ечим топмаётганидан шикоят қилди.
Аделя Худойберганова иддаосига кўра, жорий йил бошида Хотин-қизлар қўмитаси унинг муаммосини ечишга ваъда берган, бироқ ваъда бажарилмаган.
Аделя Худойберганованинг 12 май куни Озодлик билан суҳбатда айтишича, 2011 йилнинг 3 июнь куни Урганч шаҳри ал-Хоразмий кўчасидаги 2 хонали уйи жойлашган бино бузилиши натижасида у оиласи билан кўчада қолган:
- Ўзим, қизим ва неварам битта оила, ўғлим хотини, иккита қизи билан иккинчи оила. Иккита оилани сарсон қилишди. 9 йилдан буён пропискасиз яшаб келаяпмиз. Қизим билан ўзим ўша бузилиб, кетган уйнинг манзилига прописка қилинганмиз. Ҳозир ҳам паспортимизда ўша адрес ёзилган. Лекин у уй 9 йил аввал бузиб ташландику. Неварам эса умуман пропискасиз. Паспорт столдан неварамга янги паспорт беришди. Ишонсангиз, паспортда прописка жойига печать босишган, лекин печать бўш бланканинг устига қўйилган.
Аделя Худойбергановага кўра, 9 йил мобайнида Ўзбекистондаги деярли барча ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилиб, ижобий жавоб ололмаган:
- Бормаган жойимиз қолмади. Урганч шаҳар прокуратураси, Хоразм вилоят прокуратураси, Бош прокуратура, Вазирлар маҳкамаси, Сенат, Олий мажлис, президент қабулхонасига бордик. Ҳеч ким ҳал қила олмади. Шу йилнинг январь ойида Хотин-қизлар қўмитасига мурожаат қилдик. Норбоева “Сиз Хоразмга бораверинг, муаммонгиз ҳал бўлди” деди. Мен Хоразмга бориб 42 кун кутдим. Натижа бўлмагач, яна қайтиб қўмитага учрашдим. Хотин-қизлар қўмитасининг Озода исмли юристи “Масалангиз ечилди, қўмита, Миллий банк ва Хоразм вилоят ҳокимлиги квартирангиз пулини тўлайди”, деди. Аммо бугунгача ҳеч нарса бўлмади. Миллий банк ва вилоят ҳокими Хотин-қизлар қўмитасини алдади. Хотин-қизлар қўмитаси бизни алдади.
Аделя Худойбергановага кўра, у Хотин қизлар қўмитаси расмийларининг оғзаки ваъдасига ишонган. Бу борада унинг қўлида бирорта ҳам ҳужжат йўқлигини билдирди.
Қуйида Аделя Худойберганова билан суҳбатни тинглашингиз мумкин:
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 724 971 539 ва +420 724 740 755 рақамига йўлланг.
OzodMikrofon сизга мунтазир!