Суриядан Қозоғистонга қайтган 16 нафар эркак ва 4 нафар аёл террорчилик фаолиятида гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда 13 май куни Ташқи ишлар вазирлигида «Жусан» деб номланган махсус амалиёт натижаларига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида вазир ўринбосари Ержан Ашикбаев маълум қилди.
Озодлик радиоси қозоқ хизматининг ёзишича, террорчиликда гумонланганлар Нурсултон, Атирау, Ўрол, Ақтўбў, Қарағанда ва Чимкентда қўлга олинган. Яна 55 нафар аёл ва бола махсус реабилитация марказларига жойлаштирилди. Улар тиббий текширувдан ўтказилмоқда, психологик ёрдам кўрсатилмоқда. Айни пайтда уларнинг террорчилик фаолиятига алоқадорлиги текширилаяпти.
Ержан Ашикбаевга кўра, 7 ва 9 май кунлари ўтказилган «Жусан» махсус амалиёти пайтида Суриядан 230 қозоғистонлик АҚШ ва Сурия демократик кучлари ёрдамида эвакуация қилинди.
Аввалроқ президент Қосимжўмарт Тўқаев маъмурияти тарқатган баёнотда «Жусан»амалиёти пайтида Суриядан 156 бола қайтарилгани, улардан 18 нафари етим экани билдирилган.
2018 йилда қозоқ ҳукумати Сурия ва Ироқда 800 нафар қозоғистонлик жангари борлигини маълум қилган эди.