Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 13 май кунги мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Бу ҳақда Олий Мажлис матбуот хизмати хабар тарқатди.
Бош прокуратура томонидан тайёрланган ушбу қонун лойиҳасида¸ расмий баëнотга кўра¸ Жиноят-процессуал кодексида Миллий гвардияни суриштирув олиб бориш ваколатига эга бўлган, шунингдек терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар қаторига қўшиш белгиланмоқда.
Қўмита йиғилишида мазкур қонун лойиҳасини Олий Мажлис депутатлари муҳокамасига киритиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Президент Шавкат Мирзиëевнинг қудаси генерал Ботир Турсунов бош қўмондоннинг 1-ўринбосари бўлган Миллий гвардия 2018 йилдан фаолият бошлади ва кейинги бир ярим йил ичида унинг ваколатларини кучайтиришга оид ўндан ошиқ қарор ва фармон қабул қилинди¸ Ўзбекистон қонунчилигига ўзгартишлар киритилди.