Россиянинг “Росатом” давлат корпорацияси ва Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Атом электр станцияси қурилишининг иккинчи босқичини амалга ошириш юзасидан “йўл харитаси”ни имзолади.
Новости агентлигининг 16 май куни хабар беришича, Тошкентда ўтган Power Uzbekistan-2019 халқаро кўргазмаси доирасида имзоланган “йўл харитаси”да 2019-2020 йилларда АЭС қурилиши юзасидан амалга ошириладиган ишлар белгилаб берилган.
15 майда президент Шавкат Мирзиёев "Росатом" бош директори Алексей Лихачёвни қабул қилган эди.
Президент матбуот хизматининг билдиришича, мазкур учрашув пайтида бўлажак АЭС учун майдон танлаш бўйича муҳандислик тадқиқотларининг биринчи босқичи якунлангани, халқаро талабларга мувофиқ лойиҳанинг атроф-муҳитга таъсири баҳоланаётгани ва техник ҳужжатлар тайёрланаётгани таъкидланган.
"Ўзатом" раҳбари Жўрабек Мирзамаҳмудов 6 май куни АЭСнинг биринчи энергоблоки 2028 йилда, иккинчи блоки 2030 йилда ишга туширилиши режалаштирилаётганини билдирган эди.
2018 йилнинг 19 октябрида президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Жиззахда АЭС қурилишининг рамзий тугмасини босган эдилар.