17 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентга келган Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори Кристин Лагардни қабул қилди.
Бу ҳақда хабар берган президент матбуот хизматининг ëзишича¸ учрашувда Ўзбекистон ва Халқаро валюта жамғармасининг ҳамкорлиги истиқболлари батафсил муҳокама қилинган ва бу борадаги устувор йўналишлар белгилаб олинган.
"Кейинги икки йилда жамғармадан жалб этилган техник кўмак ҳажми сезиларли даражада ортди: мамлакатимизга ХВЖнинг 14 миссияси ташриф буюрди, солиқ ва молия соҳалари бўйича етакчи халқаро консультант ва экспертлар жалб этилди.
Жамғарма кўмагида Ўзбекистон ХВЖ статистика маълумотлари тарқатишнинг умумий тизимига қўшилди, Марказий банк ва валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонунларнинг янги таҳрири лойиҳаси ишлаб чиқилди, янги Солиқ сиёсати ва маъмуриятчилиги концепцияси ва бошқалар жорий этилди"¸ дейилади жумладан ўзбек томони хабарида.
Расмий хабарда ХВЖ раҳбарининг Ўзбекистон ҳукумати билан муҳокама қиладиган аниқ мавзу-муаммолар ҳақида маълумот йўқ.