Паркентда Бош вазирнинг тадбиркорлар учун биринчи қабулхонаси ташкил этилди

Вазирлар Маҳкамаси биноси.

Тошкент вилояти Паркент туманида 19 май куни Бош вазирнинг тадбиркорлар учун биринчи қабулхонаси ташкил этилди. Бош вазир Абдулла Арипов мазкур қабулхонада бир гуруҳ тадбиркорларни қабул қилди.

Kun.uz нашрининг хабар беришича, Бош вазирга тадбиркорлик муаммолари юзасидан 11 мурожаат келиб тушди, бу мурожаатларнинг 8 таси жойида ўз ечимини топди, 3 тасига тушунтириш берилди.

Тадбиркорлар ва инвесторлар учун бош вазир қабулхоналарини ташкил этиш тўғрисида 14 май куни президентнинг "Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида кўрсатма берилган эди.

Мазкур қабулхоналар маҳаллий тадбиркорлар ва хориж инвесторларини, жумладан, видеоконференцалоқа воситасида ҳам қабул қилади. Бундан ташқари жой-жойларда сайёр қабуллар ўтказилади.

Мамлакат бўйлаб бундай қабулхоналар 1 июндан ишга туширилиши режалаштирилмоқда.