Самарқанд вилоятида бир оиланинг 5 нафар аъзосини ўлдирганликда гумонланган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда 19 май куни Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
“Қўшработ туманида Олиб борилган тезкор-тергов ҳаракатлари натижасига кўра, ушбу қотиллик жинояти Иштихон туманида яшовчилар 1981-й.т. Т.Ғ., 1995-й.т. Э.Ш., 1993-й.т. У.Ж. ва Қушработ туманида яшовчи 1996-й.т. Н.Х.лар томонидан содир этилганлиги аниқланиб, далилий ашёлар олинган ва улар ушланган”, дейилади хабарда.
Ҳозирги кунда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бош прокуратура 20 май куни бу борада кенгроқ маълумот тарқатди. Расмий хабарда айтилишича, жиноятни содир этганликда гумонланаётганлар ўлдирилган оила билан битта маҳаллада, яъни Иштихон тумани Чимқўрғон қишлоғида яшаганлар.
Қўлга олинганларнинг барчаси ишсиз бўлиб, қотилликдан мақсад оилага тегишли бойликларни ўзлаштириб олиш бўлган.
Бош прокуратуранинг билдиришича, қотилликда гумонланаётганлар: “14 майдан 15 майга ўтар кечаси марҳум А.Х.нинг хонадонига яширинча кириб, уларнинг ухлаб ётганлигидан фойдаланиб, ўзлари билан олиб келган темир бўлаклари билан бош, юз ва жағ қисмларига бир неча маротаба уриб, қасддан ўлдириб, хонадондан 22 млн. сўм ва марҳум Ж.И.нинг “Samsung Galaxy A8” русумли телефонини қўлга киритишган”.
Шундан сўнг улар жиноят изларини яшириш мақсадида марҳумга тегишли “Дамас” русумли автомашинага жасадларни юклаб, автомашинани Қўшработ тумани, “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли “Боқичиғатой” қишлоғидаги далага ташлаб кетишган.
Бош прокуратура гумон қилинаётганлар дастлабки тергов пайтида ўз жиноятларига иқрор бўлганларини таъкидламоқда.
Расмий маълумотга қараганда: “уларнинг кўрсатмалари ҳодиса жойида тергов ҳаракатларини ўтказиш, ашёвий далиллар - жиноят қуроли бўлган 4 дона темир бўлаги, марҳум Ж.И.га тегишли бўлган “Samsung Galaxy A8” русумли телефон аппарати, марҳумларга тегишли бўлган пул маблағлари, жиноят содир этиш вақтида гумон қилинувчиларнинг эгнида бўлган жиноят аломатлари мавжуд кийимлари ва бошқа далиллар мажмуи билан тўлиқ тасдиқланмоқда”.
Самарқанд вилоят, Қўшработ туманидаги Дўстлик маҳалласи ҳудудида жойлашган фермер хўжалигига қарашли далада турган Damas автомашинасидан 15 май куни соат 13:00 ларда 5 кишининг жасади топилган эди.
Бу ҳақда хабар қилган Бош прокуратура матбуот хизматига кўра, марҳумлар Иштихон тумани Чимқўрғон қишлоғида яшаган бир оиланинг аъзолари: эр-хотин ва уларнинг уч ўғлидир.
Марҳум оила бошлиғи фермер хўжалиги ишчиси бўлиб ишлагани аниқланган, у 1969 йилда туғилган, унинг хотини 1974, ўғиллари эса, 1998, 2002 ва 2004 йилда туғилган.