Тожикистон ИИВ Ваҳдат қамоқхонасида ўлган маҳбуслар рўйхатини эълон қилди

Тожикистондаги қамоқхоналардан бири.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги 19 май куни Ваҳдат қамоқхонасида маҳбуслар кўтарган исённи бостириш чоғида ҳалок бўлган 29 маҳбуснинг рўйхатини эълон қилди.

20 майда эълон қилинган рўйхатда ўлганларнинг камида 17 нафари “Ислом давлати” террор гуруҳига мансубликда айбланиб судланганлар экани қайд этилди.

Ҳалок бўлганлар орасида уч киши Тожикистонда тақиқланган мухолифатдаги Ислом қайта тикланиш партияси аъзоси бўлган.

Ваҳдат туманидаги қаттиқ режимли қамоқхонада 19 май куни содир этилган тартибсизликлар пайтида жами 32 одам ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.

Расмий маълумотларда айтилишича, исён қўтарган маҳбуслар уч нафар нозирни ва 5 нафар маҳбусни сўйиб ташлаган. Исённи бостириш амалиёти чоғида 24 маҳбус жисмонан йўқ қилинган.