“Коммерсантъ”нинг 200 га яқин журналисти сўз эркинлиги ҳимояси учун очиқ мактуб чиқарди

Очиқ мактубга имзо қўйган россиялик журналистлар Алишер Усмонов каби "Коммерсантъ" акциядорларини Россиянинг энг яхши газетасини барбод қилаëтганликда айблади.

“Коммерсантъ” газетасининг 180 дан ошиқ журналисти ўз ўқувчиларига ëзган очиқ мактубда Россиянинг “сўз эркинлиги ҳақига лойиқ”лигини таъкидлади.

Бу мактуб газета Сиëсат бўлимининг ўндан ошиқ журналисти бўшатилган икки ҳамкасбига бирдамлик сифатида ишдан кетганини эълон қилиши муносабати билан ëзилди.

Парламент спикери Валентина Матвиенконинг истеъфога кетиш эҳтимоли ҳақида танқидий мақола эълон қилган икки журналист ўзларининг “Коммерсантъ” эгаси Алишер Усмонов талаби билан бўшатилганини билдирди.

Газета бош муҳаррири ўринбосари Рената Ямбаева таниқли журналистларнинг Усмонов томонидан бўшатилганини тасдиқлади ва буни журналистларга нисбатан очиқча босим эканини таъкидлади.

Айни пайтда Усмонов вакили ўзбекистонлик миллиардернинг журналистларни бўшатишга алоқаси йўқлиги ва унинг газета таҳририй сиëсатига аралашмаслигини билдирди.

Очиқ мактубга имзо чеккан журналистлар “Коммерсантъ” мулкдори ва акционерларини Россиядаги энг яхши нашрлардан бирини “қисқа муддатли сиëсий манфаат” йўлида қурбон қилаëтганликда айблади.

21 май куни Инсон ҳақлари бўйича президент Кенгаши раҳбари Михаил Федотов "Коммерсантъ" журналистларининг ишдан бўшатилишини танқид қилди. Ўз баëнотида Федотов Россия қонунчилигида журналистларнинг мустақиллиги кафолатланганини эслатиб ўтди.