Қирғизистон Бош вазирининг собиқ ўринбосари "Вор в Законе"нинг қамоқдан ноқонуний бўшатилишига алоқадорликда айбланмоқда

Қирғизистон Бош вазирининг собиқ ўринбосари Шамил Атаханов (чапда).

Қирғизистон Бош вазирининг собиқ ўринбосари Шамил Атаханов 21 май куни «Қонундаги ўғри» Азиз Батукеевга қамоқдан чиқишга кўмаклашганликда гумонланиб ҳибсга олинди.

Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, Шамил Атаханов дастлаб сўроққа чақиртирилган, сўроқ натижалари асосида жиноят иши қўзғатилиб, терговчи уни ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарган.

Аввалроқ Азиз Батукеевнинг қамоқдан ноқонуний бўшатилиши билан боғлиқ иш доирасида Бишкекда беш нафар таниқли шифокор, собиқ соғлиқни сақлаш вазири Динара Сагинбаева ва Жазони ўташ бўйича давлат хизмати раисининг маслаҳатчиси Калибек Качкиналиев қамоққа олинган эди.

Оғир жиноятни содир этганликда айбланиб узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган «Қонундаги ўғри» Азиз Батукеев 2013 йилда «саратон касалига чалинган ва яқин кунларда вафот этади» деган ташхис асосида суд ҳукми билан қамоқдан бўшатилган эди. У ўша куниёқ тарихий ватани Чеченистонга учиб кетган.

Бироқ орадан 6 йил ўтгач бу ташхис соҳта бўлгани ва Батукеев қамоқдан ноқонуний бўшатилгани юзасидан жиноят иши очилди.

Бундан аввал парламент депутатлари ва жамоатчилик Батукеевнинг қамоқдан бўшатилиши қанчалик қонуний бўлганини текширишни талаб қилиб келаётган эди.