Ўзбек-қирғиз чегарасидаги Дўстлик назорат-ўтказиш масканида Ўзбекистонга киритилишига рухсат кутиб турган 100 дан ортиқ оғир юк ташувчи автомашиналар 22 майдан бошлаб Ўзбекистонга ўта бошлади. Бу ҳақда Озодлик мухбири воқеа жойидан хабар қилди. Бу хабарни Озодликка шикоят қилган ҳайдовчилар ҳам тасдиқлади.
13 майдан бошлаб Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги Дўстлик божхона постидан цемент ортилган юк машиналарини Ўзбекистонга ўтказиш тўхтатилгани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.
20 май куни Озодликка мурожаат қилган ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳар бирига 20 тоннадан цемент ортилган камида 105 та юк машинаси икки давлат чегарасидаги нейтрал ҳудудда муаллақ қолганини билдирган.
Ўзбекистон Божхона қўмитаси масъуллари Озодликнинг Қирғизистондан цемент олиб киришнинг қайси асосда тўхтатилганига оид саволларига ҳозирча жавоб бермаган.
Қирғизистон Божхона қўмитаси эса¸ цементнинг нега Ўзбекистонга киритилмаëтгани ҳақида ўзбек томонидан бирор расмий билдирув берилмаганини айтган.