Хорижга чиқиш паспортини олиш учун ҳужжат тўплаш бироз енгиллаштирилди

Хорижга чиқиш паспорти

Адлия вазирлиги томонидан Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда 16 ёшдан катталар ва 16 ёшга тўлмаган вояга етмаганлар учун хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш учун янги анкета шакллари ишлаб чиқилди ва 22 майда давлат рўйхатидан ўтказилди.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, амалдаги ариза-анкетанинг шакли 16 та бандни ўз ичига олган 4 варақдан иборат бўлиб, унда кўрсатилиши лозим бўлган маълумотларнинг аксарияти тегишли идораларнинг маълумотлар базалари орқали идоралараро маълумот алмашиш йўли билан аниқланиши мумкин.

Янги анкета шакли 1 варақда ва унда кўрсатилиши зарур бўлган маълумотлар 11 та банддан (16 ёшга тўлмаган вояга етмаганлар учун 9 та банддан) иборат бўлиб, тегишли катакларни тўлдириш орқали шакллантириладиган тарзда тайёрланди.

Олдинги ариза-анкета шаклидан қуйидагилар чиқариб ташланди:
👉 аризачининг яқин қариндошлари, жумладан, ота-онаси, болалари,
агар ўзаро никоҳда болалари бўлган бўлса, собиқ турмуш ўртоғи ҳақидаги маълумотлар;
👉 аризачига суд томонидан қўйилган, ижро этилмаган мажбуриятлари мавжудлиги, судда фуқаролик даъвоси кўзғатилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;
👉 аризачининг хорижга чиқишдан мақсади (қайси давлатга ва мақсади), унга нисбатан жиноят иш қўзгатилганлиги ҳақидаги маълумотлар;
👉 ариза-анкета шаклининг корхона, муассаса, ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан имзоланиши ва муҳр билан тасдиқланиши ҳақидаги талаб;
👉 аризачи сўнги 2 йил мобайнида қачон ва қайси хорижий давлатларда бўлганлиги ҳақидаги маълумотлар;
👉 аризачи хорижий давлатларнинг қонунларига риоя қилмагани учун шу давлатнинг хуқуқни муҳофаза қилиш хизматлари томонидан маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;
👉 аризачининг сўнгги 5 йилдаги меҳнат фаолияти ҳақида меҳнат дафтарчасидан кўчирма талаб қилиш.

Мазкур анкета, ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари (маълумотларни йиғиш пункти)нинг масъул ходими томонидан шакллантирилиб, анкета берган шахсга таништирилади ҳамда у томонидан имзоланади.

Маълумотларни йиғиш пунктининг масъул ходими томонидан анкетада кўрсатилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.