Forum18 нашри 2013 йилда диний экстремизмда айбланиб 12 йилга қамалган ўзбекистонлик Хайрулло Турсунов қамоқхонада қийноқларга солингани ва Туркияда яшаётган қариндошига нисбатан ёлғон кўрсатмалар беришга мабурлангани ҳақида мақола чоп этди.
Forum18 нашри диний эркинликларни ҳимоя қилиш мақсадида Норвегияда ташкил этилган машҳур Forum18 ташкилоти томонидан 2003 йилда таъсис этилган.
21 май куни Forum18 сайтида эълон қилинган мақолада айтилишича, жорий йилнинг 17 апрелида Бухоронинг Қоровулбозор қамоқхонасига Давлат хавфсизлик хизматининг Қашқадарё вилоят бошқармаси ходимлари келиб, бу ерда сақланаётган маҳбус Турсуновни 6 соат мобайнида қийноқлар қўллаган ҳолда сўроқ қилган.
ДХХ ходимлари Турсуновга, агар у керакли кўрсатмаларни бермаса, қамоқ муддатини узайтириш билан ҳам таҳдид қилганлар.
Улар Турсуновдан Туркияда яшаётган қариндоши Байрамали Юсупов экстремистик фаолият билан шуғулланиши тўғрисида кўрсатма беришни талаб қилганлар. Бироқ Турсунов бундай кўрсатмани бермаган.
Баёнотда айтилишича, Юсупов 2006 йилда диний мотивлар билан айбланиб таъқиб қилиниши ортидан Ўзбекистонни тарк этган. Юсупов Forum18 мухбирига жорий йилнинг апрел-май ойларида унинг иши юзасидан “қамоқда ўтирган таҳминан 20 одам сўроқ қилингани”ни айтган.