Беларусда Холокост қурбони бўлган 1200 яҳудийнинг жасади қайта дафн этилди

Брест, яҳудийлар жасадларини қайта дафн этиш маросими, 22 май, 2019 йил.

Беларуснинг Брест шаҳрида Холокост қурбонлари бўлган яҳудийларнинг янги топилган жасадларини қабристонга кўчириш маросими бўлиб ўтди.

Reuters агентлигининг 22 май куни билдиришича, жорий йилда Иккинчи жаҳон уруши тарихини ўрганувчи фаоллар томонидан 1200 нафар яҳудийнинг жасади топилган. Мазкур жасадлар кўмилган оммавий қабр Брест шаҳрининг мавзеларидан бирида бўлган.

-Бу тадбирда мен ҳиссиётимни жиловлай олмадим. Биринчидан, бугун биз улкан бир фожианинг гувоҳи бўлдик. Иккинчидан, бу воқеа одамларга бундай фожиаларни бошқа такрорламаслик кераклиги тўғрисидаги огоҳлантирув бўлди,-деди Брестдаги дафн маросимини уюштирган яҳудийларнинг “Бриск” ташкилоти раиси Регина Симоненко.

Қайта дафн этиш маросимида Исроилнинг Беларусдаги элчиси ҳам иштирок этди.

Иккинчи жаҳон уруши пайтида 6 миллион яҳудий немис-фашист ҳукумати томонидан қатлиом қилингани айтилади.