"Буюк Келажак" эксперти икки фуқароликни жорий этишни таклиф қилди

Ўзини хорижда яшовчи ўзбекистонликларнинг халқаро нодавлат-нотижорий ташкилоти деб тақдим қилган "Буюк Келажак" гуруҳи эксперти Нур Парпиев Ўзбекистонда икки фуқаролик тизими жорий этиш таклифи билан чиқди.

Экспертнинг Ўзбекистон ахборот агентлигида эълон қилинган мақоласида Парпиев икки фуқароликнинг хорижда яшаётган жуда кўп ўзбекистонликлар учун долзарб мавзу экани¸ биргина АҚШнинг “Green card” дастури ғолиби сифатида бу мамлакатда 100 мингдан зиёд ўзбекистонлик яшаëтгани айтилади.

Хорижда муқимлашган ўзбекларнинг кўпчилиги ўзлари яшаëтган давлат ватандошлигини олганини таъкидлаган эксперт¸ айни пайтда уларнинг ўз ватанидан воз кечишни истамаслигини айтади.

Икки фуқаролик Ўзбекистонга нима беради¸ деган саволга жавоб берган Парпиев¸ бу тизимнинг мамлакат иқтисоди учун “далда” бўлишини таъкидлайди.

“Ривожланган мамлакатлар фуқаролигини олган кўплаб муҳожирлар ўша мамлакатда нафақага чиқади. Уларнинг аксарияти нафақага чиққач, ўзи туғилиб-ўсган юртга чиқиб кетади. Улар ўз нафақаларини ватанида олиб, ўша ерда сарфлашади.

Ана энди тасаввур қилинг, чет элларда яшаб, ўша давлат фуқаролигини олган ўзбекистонликлар юртига қайтиб, чет элдаги нафақасини Ўзбекистон банклари орқали олиб турса, мамлакат иқтисодига қанчалик далда бўлади?! Ривожланган мамлакатлардаги нафақа миқдори эса, ишонинг, кам эмас...

Хорижда нафақага чиққан ўзбекистонликларни ватанга бемалол бориб келишлари учун Ўзбекистон ҳукумати шароит яратса, фойдадан холи бўлмайди”¸ дейди “Буюк келажак” эксперти.

Каримов даврида Ўзбекистон ўз ватандошларининг бошқа давлат фуқаролигини олганини тан олмаган бўлса¸ Мирзиëев даврига келиб ҳукумат бошқа давлат паспортини олганларга ë Ўзбекистон¸ ëки иккинчи давлат ватандошлигидан бирини танлашни шарт қилиб қўйди.

Хорижда яшаëтган ўзбекистонликлардан қанчасининг бошқа давлат ватандошлигини олгани маълум эмас.