Тиббий маълумоти бўлмаганларга ҳам табиблик билан шуғулланишга рухсат берилди

Халқ табиби қамчи билан даволамоқда. Иллюстратив сурат.

Бундан буён халқ табобати билан Ўзбекистонда тиббий маълумотга эга бўлмаган шхаслар ҳам шуғуллана оладиган бўлди. Бу борада "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги қонунга ўзгартириш киритилди. Президент Шавкат Мирзиёев мазкур қонунни 22 май куни имзолади.

Қонуннинг 41-моддасига қуйидаги қўшимча ва ўзгартиш киритилди:

"Тиббий маълумотга эга бўлмаган шахслар ҳам Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш бўйича махсус комиссиянинг хулосаси асосида халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўладилар".

Президент 2018 йилнинг октябрида халқ табобати тиббий ёрдам кўрсатишда қўшимча усул сифатида тан олинган қарорни имзолаган эди.

Мазкур қарорга асосан Халқ табобати ассоциациясини ташкил этиш, халқ табобатида қўлланиладиган ўсимликлар, уларни парвариш қилиш ва ўстириш жойи, ўсимликлардан фойдаланиш ва бошқа зарур маълумотларни ўз ичига олган махсус база яратилиши назарда тутилганди.