Андижон тумани ҳокими Улуғбек Исомиддинов вилоят ҳокимлигининг нашри бўлган «Андижоннома» газетасини судга берди.
Xabar.uz нашрининг ёзишича, дастлабки суд мажлиси 29 майга белгиланган. Жараён Андижон туманлараро судида бўлиб ўтади.
Ҳоким “Андижоннома” газетасида ўзи тўғрисида чоп этилган танқидий мақолани “қонун талабларига зид деб топиш”ни ҳамда “раддия берилишини” талаб қилмоқда.
Xabar.uz нашрининг ёзишича, «Андижоннома» газетасида 2 март куни журналист Қобилжон Асқаровнинг «Ўзи хон, кўланкаси майдонми?» сарлавҳали танқидий мақоласи чоп этилган.
Унда Улуғбек Исомиддинов раҳбарлик қилаётган туманда кадрлар қўнимсизлиги жуда кўп соҳаларга салбий таъсир кўрсатаётгани, фуқаролар мурожаатига эътиборсизлик қилинаётгани ва таълим тизимидаги қолоқлик ҳолатлари ҳақида гап бўлган.
“Маълум бўлишича, мақола чоп этилгач, ҳоким таҳририятга раддия мазмунида хат йўллаган. Бироқ таҳририят қатор асослар келтирган ҳолда ҳокимнинг талабини рад этган. Шундан кейин туман ҳокими судга мурожаат қилган кўринади”, дейилади хабарда.
Озодлик радиоси Андижон туман ҳокими Улуғбек Исомиддинов сўконғичлиги билан танилгани ҳақида ҳам мақолалар эълон қилган эди.
У 2018 йилнинг январида фермерларни пленкага пул ўтказмагани учун “ҳайвон, мараз, тварь, ифлос” каби сўзлар билан ҳақорат қилган эди.