Қўл остида ишловчи ходимини кўпчиликнинг кўз ўнгида ерга ётқизиб тепкилаган Навоий вилоят маъмурий ишлар бўйича суди раиси Отабек Тошевга нисбатан жиноят иши очилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бу ҳақда 23 май куни Олий суд расмий билдирув тарқатди. Унда айтилишича, Олий суд Пленумининг 20 май куни бўлиб ўтган мажлисида Навоий вилоят маъмурий суди раиси Отабек Тошевни жиноий жавобгарликка тортишга розилик бериш тўғрисидаги тақдимнома маъқулланган.
“Отабек Тошев Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 206-моддасида (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) назарда тутилган жиноятни содир этишда айбланмоқда”, дейилади хабарда.
Озодлик радиоси Навоий вилоят маъмурий ишлар бўйича суди раиси жорий йил февраль ойида қўл остида ишловчи 31 ёшли ходими Дилшод Норовни кўпчиликнинг кўз ўнгида ерга ётқизиб тепкилагани тўғрисида хабар берган эди.