Президент Мирзиёев 24 май куни Тошкентдаги Талабалар шаҳарчасига борди. Давлат раҳбари расмий сайтининг хабар қилишича, президент шаҳарчада "амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди".
Президент шаҳарча ҳудудининг бошланишида, «Беруний» метро бекати ёнида барпо этилган Беруний майдонини, Талабалар шаҳарчасида қурилаётган Инновацион ривожланиш вазирлиги биносини бориб кўрди.
Президент, шунингдек, Ўзбекистон Миллий университетида олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан учрашди.
Талабалар шаҳарчаси Ўзбекистондаги йирик таълим ва илм-фан масканидир. Бу ерда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Маънавият ва маърифат маркази, коллеж ва лицейлар, спорт мажмуалари жойлашган. Икки университетда қарийб 25 мингга яқин талаба ўқийди.
Президентга бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар ҳамроҳлик қилди. Президент расмий сайтида эълон қилинган суратларда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев кўринмади.